Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон Сирдарё учун сув тақсимоти режимини тасдиқлади
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишда вегетация даври учун сув-энергетика режимлари бўйича келишиб олди, деб хабар беради ҚР Энергетика вазирлиги.
Тошкентда бўлиб ўтаётган халқаро энергетика форуми доирасида Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири Е.Ақкенженов минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор муҳим учрашувлар ўтказди. Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика ва сув ресурслари бўйича масъул вазирларнинг режалаштирилган уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Натижада энергетика объектларининг келишилган иш режимлари ва Сирдарё ҳавзасидаги сувни келгуси вегетация даврида тақсимлаш тартибини белгиловчи баённома имзоланди.
Мазкур Протоколнинг имзоланиши сув ресурсларидан мувозанатли фойдаланиш ва Марказий Осиё энергетика тизимларининг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган уч давлатнинг доимий ҳамкорлиги доирасидаги муҳим қадамдир. Ҳар бир вегетация даври олдидан бундай режимларни муҳокама қилиш ва келишиш мамлакатларга ҳозирги гидрологик ҳолати ва сув-энергетика ресурсларига бўлган эҳтиёжини ҳисобга олиш имконини беради.
Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири “Ўзбекистон энергетика ҳафталиги” (CАEх) кўргазмаси ишида иштирок этди. У ерда Қозоғистон компаниялари стендларига эътибор қаратиб, уларнинг соҳа ривожига, инновацион лойиҳаларни амалга оширишга қўшаётган ҳиссасини қайд этиб, энергетика соҳасидаги замонавий технология ва ишланмалар билан танишди.
Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов ташриф якунларини шарҳлар экан, шундай деди:
“Доимий уч томонлама маслаҳатлашувлар ва сув-энергетика масалалари бўйича протоколлар имзоланиши умумий ресурсларни бошқаришга тизимли ёндашиш имконини беради. Бугунги кунда вегетация режимлари бўйича эришилган келишувлар биргаликдаги изчил ишлар самараси бўлиб, барча иштирокчи мамлакатлар манфаатларини таъминлашга қаратилган. Бундан ташқари, биз энергия соҳасидаги технологик ўзгаришларни кузатишда давом этамиз ва ишлаб чиқарувчиларимизни қўллаб-қувватлаймиз. Бу соҳани модернизация қилиш ва минтақавий ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга”, – деди Ерлан Ақкенженов.
Учрашувда томонлар бир қатор узоқ муддатли стратегик лойиҳалар бўйича маслаҳатлашувларнинг боришини муҳокама қилдилар. Хусусан, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Қамбар-Ота ГЭС-1 қурилиши бўйича музокаралар режалаштирилганидек давом этаётгани, Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида амалга ошириладиган Каспий энергетика коридорини яратиш лойиҳаси устида иш олиб борилаётгани таъкидланди.
Қозоғистон делегациясининг ташрифи ва ўтказилган учрашувлар минтақавий энергетика мулоқоти ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.