Президент ўқитувчилар нуфузини ошириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида фаол ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
«Педагог мақоми тўғрисида» махсус қонун қабул қилинди. Бу йил мазкур қонунга қўшимчалар киритилиб, ўқитувчиларга қўшимча ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатлар берилди.
5 октябрь ўқитувчиларнинг касб байрами сифатида расман белгиланди. Давлат мукофотлари рўйхатига «Қозоғистоннинг хизмат кўрсатган ўқитувчиси» унвони киритилди.
“Ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланган шахсларга салмоқли пул мукофотлари берилади. Ҳозирнинг ўзида 100 га яқин ўқитувчи тақдирланди. Бошқа муносиб устозлар ҳам давлат эътиборидан четда қолмай, ушбу фахрий унвонга эга бўлиши шубҳасиз. Сўнгги уч йилда мамлакатимизда 3 нафар ўқитувчига энг юксак давлат мукофоти — «Қазақстанның Еңбек Ері» (“Қозоғистоннинг Меҳнат Қаҳрамони”) унвони берилди. Бу ўқитувчилар жамоасига бўлган алоҳида ҳурматнинг белгиси”, — деди Давлат раҳбари.
TALIS-2024 (The OECD Teaching and Learning International Survey) тадқиқоти натижаларига кўра, Қозоғистон ўқитувчилар нуфузини мустаҳкамлаш кўрсаткичи бўйича дунёда иккинчи ўринда турибди.
“Шунингдек, ўқитувчиларнинг иш ҳақидан қониқиш кўрсаткичи бўйича мамлакатимиз дунёдаги энг яхши бешта давлат қаторига киради. Жумладан, ўқитувчиларнинг 95 фоизи ўз ишидан қониқишини билдирган. 80 фоизи эса ушбу касбни яна танлашга тайёр эканини айтган. Барчангизга катта миннатдорлик билдираман”, — деди Президент.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент мамлакатда мактаблар қурилишини жадаллаштириш вазифасини топширгани ҳақида хабар берган эдик.