Қозоғистон треонин ва глутамат бўйича жаҳон бозорларига чиқади

Фото: Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

АSTANА. Kazinform — Қозоғистон треонин ва глутамат бўйича жаҳон бозорларига чиқади. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтаётган Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Бош вазир Олжас Бектенов маълум қилди.

— Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш — муҳим йўналишлардан бири. Масалан, жорий йилда Жамбил вилоятида маккажўхорини чуқур қайта ишлашга мўлжалланган йирик саноат парки ишга туширилади. Бу Қозоғистонга треонин ва глутамат бўйича жаҳон бозорларига чиқиш имконини беради. Ундан ташқари, янги завод ҳар йили 3 миллион тонна ҳажмда маккажўхорига кафолатланган талабни шакллантиради. Ҳозир бутун Қозоғистон бўйлаб атиги 1 миллион тонна маккажўхори етиштирилади, яъни, фақат бир завод бозор тузилмасини ўзгартириб, агроишлаб чиқаришнинг айрим йўналишларини ривожлантиришга кучли туртки беради, — деди Олжас Бектенов.

Ҳукумат раҳбари маълумотига кўра, 2025 йилда мойли экинлар, жун, гўшт ва сутни чуқур қайта ишлаш, шунингдек, омухта ем ва шарбат ишлаб чиқаришга мўлжалланган 6 та корхона ишга туширилди. Шу билан бирга агросаноат мажмуасида 10 та завод қурилмоқда. Бироқ соҳанинг салоҳияти бундан анча юқори.

— Бу борада Ҳукумат чуқур қайта ишлаш лойиҳаларига махсус давлат кўмаги кўрсатмоқда. Масалан, ғаллани қайта ишлашга инвестицион субсидиялар 50 фоизга оширилди. Шунингдек, ускуналарни импорт қилиш ва асосий хизмат турлари бўйича солиқлардан озод қилиш назарда тутилган, — деди Бош вазир.

Эслатиб ўтамиз, Олжас Бектенов Президентга мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш бўйича топшириқларнинг бажарилиши ҳақида ахборот берди.