Қозоғистон Президенти Садир Жапаровни «Алтын Қыран» ордени билан тақдирлади

Фото: Фото: Ақорда

BISHKEK. Кazinform — Давлат раҳбари Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровни «Алтын Қыран» (“Олтин Бургут”) ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев тақдирлаш маросимида Садир Жапаровни чинакам раҳбар ва қирғиз халқини олға етакловчи моҳир сиёсатчи деб билишини айтди.

– Қирғизистон равнақи йўлидаги меҳнатларингизни юксак қадрлаймиз. Сизнинг оқилона сиёсатингиз туфайли мамлакатингиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Қирғизистон иқтисодиёти юқори суръатларда ривожланмоқда. Сизнинг ташаббусингиз билан турли соҳаларда янги, йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ижтимоий соҳада, фан ва таълим тизимида кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, Қирғиз Республикаси иқтисодиётини мустаҳкамлайди, халқаро майдондаги нуфузини оширади. Сизнинг узоқни кўзлаган қадамларингиз минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Сизнинг доно раҳбарлигингиз остида қардош қирғиз халқи бундан кейин ҳам янада юксак марраларни забт этишига қатъий ишонаман, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари Қозоғистонда қардош мамлакат сифатида Қирғизистон эришаётган барча ютуқлардан самимий қувонишини билдирди.

— Қозоқлар ва қирғизлар ҳеч қачон ажралмас, қардош халқлар, урф-одатлари, анъаналари, тарихи муштарак мамлакатлардир. Тилимиз ва дилимиз, отимиз ва зотимиз ўхшаш. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатлар ўрнатилган. Иттифоқчилик руҳидаги алоқаларимиз мустаҳкамланиб бормоқда. Икки давлатнинг стратегик шериклиги жадал ривожланмоқда. Сиз бу ишга беқиёс ҳисса қўшяпсиз. Бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли қозоқ-қирғиз ҳамкорлиги янги суръатга эга бўлди. Стратегик шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган янги ташаббуслар бошланди. Давлатларимиз манфаатларини кўзлаб янги қўшма лойиҳалар амалга оширилди. Муҳим ташаббуслар икки халққа хос чин биродарликни намоён этиб, дўстлигимизни янада мустаҳкамлашига ишонаман. Ҳозирги нотинч даврда бу бирликни мустаҳкамлаш айниқса муҳимдир. Чунки бузилмас бирлигимиз бебаҳо бойлигимиздир. Буюк қирғиз шоири Тоқтоғул Сатилғанов “Яхши одамнинг белгиси —– эл ғами учун куюнар”, деган эди. Сиз қирғиз халқи тараққиёти йўлида тинмай меҳнат қилиб, халқингизга садоқат билан хизмат қилиб келасиз. Халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ҳам улкан ҳисса қўшдингиз. Буни барча қозоқлар яхши билишади. Шу муносабат билан Сизни Қозоғистон Республикасининг Олий давлат мукофоти – «Алтын Қыран» ордени билан тақдирлашга қарор қилдим. Ушбу мукофот қозоқ халқининг Сизга ва бутун қирғиз халқига бўлган ўзига хос ҳурмати ва самимий миннатдорчилигининг ифодасидир, – деди Президент.

Садир Жапаров Қозоғистон Республикасининг Олий давлат мукофоти билан тақдирлангани учун Қасим-Жомарт Тоқаев ва қозоқ халқига миннатдорчилик билдирди ва буни қирғиз халқига кўрсатилган ҳурмат белгиси сифатида қабул қилди. У, шунингдек, бу мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари юксак даражада эканини тасдиқлаб, вақт синовидан ўтган ҳамкорлик келгуси даврда ҳам мустаҳкамланиб боришига ишонч билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ музокаралар якунлари бўйича Қозоғистон ва Қирғизистон давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилинган эди.