Қозоғистон Покистонга 600 дона электр автобусини етказиб беради

Фото: Фото: Александр Павский/Kazinform

АSTANА. Kazinform – Қозоғистонлик Falcon EuroBus компанияси Покистонга 600 дона электр автобусини етказиб беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Исломободда ўтказилаётган "Қозоғистон-Покистон" бизнес форумида икки давлатнинг бизнес вакиллари келишувга эришди.

Автобусларнинг биринчи етказиб берилиши жорий йилнинг апрель ойида бошланади. Тижорат келишувининг қиймати 108 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. 2027-2028 йилларга бориб, компания Покистонга автобус экспортини 2000 тага етказишни мақсад қилган.

2018 йилда Алмати шаҳрида ташкил этилган корхона бугунги кунда европа стандартларига мос автобусларнинг кенг турини ишлаб чиқаради. Йилига 1 500 дона автобус ишлаб чиқарадиган корхона жорий йилда ишлаб чиқариш қувватини 3 000 донага етказишни режалаштирмоқда. Чунки қозоғистонлик электр автобусига қўшни Ўзбекистон, Мўғулистон, Покистондагина эмас, европа давлатларидан ҳам талаб юқори.

– Биз барча циклдаги автобусларни ишлаб чиқарамиз. Бугунги "Қозоғистон-Покистон" бизнес форуми доирасида биз учун катта бозорнинг эшиги очилди. Ҳозирги келишувга кўра йўловчилар ташишга мўлжалланган 600 дона электр автобусини етказиб берамиз. B2B учрашувда Покистоннинг таълим вазирлиги вакиллари билан учрашиб, келгусида ўқувчилар ташишга мўлжалланган 2 000 дона автобус етказиб беришга келишиб олдик, — деди Falcon EuroBus директорлар кенгаши раиси Мурат Адилханов.

Бизнес форум якунлари бўйича Falcon EuroBus ва транспорт соҳасига ихтисослашган покистонлик "OGCC International" компаниялари ўртасида тижорат ҳужжати имзоланади.

Эслатиб ўтамиз, Покистонда Президент Қасим-Жомарт Тоқевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.