Қозоғистон-Покистон транспорт ва логистика консорциумини ташкил этиш таклиф қилинди

Фото: Фото: Ҳукумат

ISLAMABAD. Кazinform — Қозоғистон-Покистон транспорт-логистика консорциумини ташкил этиш ташаббуси Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеунинг Покистонга расмий ташрифи чоғида кўтарилди.

Қозоғистон делегацияси Покистоннинг иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидаги етакчи компаниялари раҳбарияти билан учрашди. Делегация таркибига Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев, Транспорт вазири Нурлан Сауранбаев, шунингдек, мамлакатнинг бошқа давлат ва квазидавлат органлари вакиллари кирди.

– Миллий логистика корпорацияси бош директори Фаррух Шаҳзод билан учрашувда томонлар логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб олдилар. Қозоғистон делегацияси икки давлатнинг йирик операторлари иштирокида Қозоғистон-Покистон қўшма транспорт-логистика консорциумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Унинг амалга оширилиши мавжуд салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш ва ўзаро таъминотни кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни сафарбар қилиш имконини беради, — дейилади ҚР Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, «Fauji Foundation» бош директори Анвар Али Ҳайдер билан бўлиб ўтган учрашувда фонднинг шўъба корхоналари – «Fauji Fertilizer», «Mari Energies», «Askari Bank» ва «Fauji Food» компаниялари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, Қозоғистон ва Покистон ўртасидаги банк алоқаларини мустаҳкамлаш имкониятлари кўриб чиқилди.

Ушбу режаларни амалга ошириш учун «Fauji Foundation» ва “Самруқ-Қазна” АЖ ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш мақсадида ўзаро ташрифлар ташкил этиш, шунингдек, мавжуд имкониятларни ўрганиш ва ҳамкорликни босқичма-босқич амалга ошириш режасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, «TCS Logistics» компанияси раиси Холид Навоз Аван билан учрашувда Қозоғистонда амалга оширилаётган йирик инфратузилма лойиҳаларида иштирок этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Вазир Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғи билан транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш стратегик устувор йўналиш сифатида белгиланганини таъкидлади. Асосий ташаббуслар қаторида Афғонистон орқали Евроосиё ва Марказий Осиё бозорларини Покистон билан боғлайдиган ҳамда Форс кўрфази, Африка ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига чиқиш имконини берувчи темир йўл қурилиши ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу расмий ташриф билан Покистон пойтахти Исломободга борган эди.