Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси (ДДҚ) раисининг ўринбосари Сейилжан Ахметов раислигида Хитойнинг Pinduoduo электрон савдо майдончаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида хорижий маркетплейсларнинг Қозоғистон ҳудудида амалга ошираётган электрон тижорат фаолиятини солиққа тортиш, шунингдек, Қозоғистон Республикаси фуқароларига сотилаётган товарлар ҳақида маълумот алмашиш масалалари муҳокама этилди.
Томонлар трансчегаравий савдонинг шаффофлигини ошириш, операциялар ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш, шунингдек, давлат органлари ва рақамли платформалар ўртасида ахборот алмашинувини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Қозоғистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ техник интеграция ва маълумотларни тақдим этиш тартиби бўйича маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олди.
ДДҚ халқаро маркетплейслар билан ҳамкорлик бозор иштирокчилари учун тенг шароитларни таъминлаш, савдо операцияларининг шаффофлигини ошириш ва солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш имконини беришини таъкидлади.