Ўқув-машғулотда Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон ҳарбий хизматчилари иштирок этмоқда. Улар қўшма тайёргарликни, бошқарув органлари ҳамда миллий контингентларнинг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш масалаларини ишлаб чиқмоқда.
«Рубеж-2026» ўқув-машғулоти ҳар йили ўтказилади. Унинг асосий мақсади – Коллектив тезкор жойлаштириш кучларининг ўзаро ҳамкорлик даражасини ҳамда қўшма вазифаларни бажаришга тайёргарлигини оширишдан иборат.
Тантанали очилиш маросимида КХШТ Бош котиби ўринбосари Мирлан Тўрғунбеков, Қозоғистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғининг ўринбосари генерал-майор Асқар Жоламанов, КХШТ Бирлашган штаби бошлиғининг ўринбосари генерал-лейтенант Руслан Шпекбаев ва бошқа мансабдор шахслар иштирок этди.
“Ўқув-машғулот 13-18 сентябрь кунлари Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари Десант-штурм қўшинлари қўмондони полковник Мақсут Гусейнов раҳбарлигида ўтказилади. Унда 1500 га яқин ҳарбий хизматчи ва 300 дан ортиқ қурол-яроғ, ҳарбий ҳамда махсус техника, жумладан, 115 та учувчисиз учиш аппарати жалб этилган”, – дейилади хабарда.
Амалий ҳаракатлар тоғли-чўл ҳудудларининг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.
Ўқув-машғулот давомида Қозоғистоннинг Чегара хизмати ва Миллий гвардия бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.