Бу ҳақда Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаровнинг Камбоджа Қироллиги Қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва балиқчилик вазири Дит Тина билан учрашувида маълум қилинди.
“Қозоғистон Камбоджа билан аграр ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун катта салоҳиятга эга. Мамлакатимизда дон ва гўшт маҳсулотлари экспортини ошириш имконини берувчи ривожланган хомашё базаси ва ишлаб чиқариш имкониятлари мавжуд. Биз экспорт географиясини кенгайтириш, савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдормиз. Бу йўналишдаги тизимли ишлар икки томонлама ҳамкорликка янги суръат бағишлашига ишонаман”, — деди Айдарбек Сапаров.
Устувор йўналишлардан бири — дон савдосини ривожлантириш. Бу борада мамлакатимизнинг салоҳияти юқори. Масалан, сўнгги икки йил давомида донли экинларнинг умумий ҳосили 27 миллион тоннадан ошди. Ўтган йили дон экспорти 15,3 миллион тоннага етиб, аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 70 фоизга ўсди. Бу сўнгги 20 йилдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Ушбу имкониятларни инобатга олган ҳолда, Қозоғистон томони маҳаллий бозор эҳтиёжлари, маҳсулот сифатига қўйиладиган талаблар ва логистика шароитларини ҳисобга олиб, Камбожага буғдой етказиб бериш масаласини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Учрашувда гўшт маҳсулотлари экспортини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар томонидан қорамол ва қўй гўштини, жумладан, ҳалол талабларига жавоб берадиган маҳсулотларни етказиб бериш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Ўз навбатида, Дит Тина Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, олма ва гўшт импорти ҳажмини оширишдан манфаатдор эканини билдирди. Шунингдек, балиқ етиштириш соҳасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
“Биз Қозоғистон билан аграр соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз. Учрашув ўзаро савдони кенгайтириш учун имкониятлар мавжудлигини кўрсатди. Келишилган йўналишлар бўйича ишларни давом эттириб, асосий келишувларни ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум билан мустаҳкамлашни таклиф қиламиз”, — деди Камбоджа вазири.
Келгуси ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Айдарбек Сапаров қўшма ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди. Гуруҳ ўзаро маҳсулот етказиб бериш шартларини ишлаб чиқиш, икки мамлакат бозорларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб кириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, шунингдек, маҳсулотларни қайта ишлаш ва инвестициялар соҳасидаги қўшма лойиҳалар бўйича имкониятларини баҳолаш билан шуғулланади.
Учрашув якунида томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳар томонлама тайёр эканликларини билдирдилар.
Бунда, айниқса, савдо алоқаларини ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни самарали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Эслатиб ўтамиз, 17 октябрда Камбоджа Бош вазири Қозоғистонга расмий ташриф билан келди.
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ва Камбоджа Бош вазири Хун Манет кичик доирада музокаралар ўтказди.