Қозоғистон Хитой билан юк ташиш ҳажмини 10 баравар оширишни режалаштирмоқда

ASTANА. Кazinform – Қозоғистон Хитой билан юк ташиш ҳажмини 10 баравар оширишни режалаштирмоқда. Шу мақсадда Қорғас ва Алатау шаҳарлари базасида дистрибьюторлик марказини яратиш ва Хитой товарларини учинчи давлат бозорларига етказиб бериш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Фото: ҚР Транспорт вазирлиги

Ушбу масалалар ҚР Бош вазири ўринбосари — Транспорт вазири Асел Жанасованинг Чэн Си бошчилигидаги Хитой компанияси Guo JingAn делегацияси билан учрашувида муҳокама қилинди, деб хабар беради ҚР Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Томонлар Қозоғистон ва Хитой ўртасида темир йўл орқали юк ташишни ривожлантириш, Хитойда темир йўл тармоғини қуриш ва "Марказ — Ғарб" автомагистрали лойиҳасини амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқдилар.

Хитой Республикаси ҳудудидаги «Нұр Жолы» назорат-ўтказиш пунктининг кенгайтирилиши кунига ташиладиган юк машиналари сонини 800 тадан 1500 тагача ошириш имконини беради. Хитой томони декабрь ойи охирига қадар Қорғас назорат-ўтказиш пунктининг иш вақтини уч соатга узайтириш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Бундан ташқари, «Марказ – Ғарб» автомагистрали лойиҳаси бўйича CITIC Group билан ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди.

Асел Жанасова Қозоғистонда Қоргас ва Алатау шаҳарлари базасида Хитой товарларини Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Туркия, Эрон ва Покистон бозорларига тезкор етказиб бериш учун дистрибьюторлик марказини яратишни таклиф қилди. Шунингдек, у мамлакатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сертификатлаш учун Хитой лабораторияларини очиш ташаббуси билан чиқди.

Учрашув натижасида томонлар тезкор чоралар кўриш учун ишчи гуруҳлар тузишга ва аниқ таклифларни ишлаб чиқишда давом этишга келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ва Хитой ўртасида темир йўл орқали юк ташиш ҳажми 8 фоизга ошди.