Қозоғистон Гвинея-Бисауга дон экспорт қилиш учун жуда кўп имкониятларга эга – Тоқаев
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Президенти Гвинея-Бисау олий даражадаги делегациясини келаси йилги Астана халқаро форумига таклиф қилди. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Гвинея-Бисау Президенти Умару Сисоку Эмбало билан музокаралар якунлари бўйича қўшма баёнотида айтиб ўтди.
“Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик музокараларнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Қозоғистоннинг Гвинея-Бисауга дон экинларини экспорт қилиш имконияти катта эканлигига эътибор қаратдик. Бунда мамлакатимиз ташаббуси билан яратилган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш мумкин. Шунингдек, биз тоғ-кон саноати ва табиий ресурсларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик. Хусусан, темир, фосфат ва бошқа нодир минерал конларни қидириш ва ўзлаштириш бўйича ҳамкорликда ишлаш учун катта имконият бор”, – деди Қозоғистон Президенти.
Давлат раҳбари олий мартабали меҳмон билан Қозоғистоннинг янги технологиялар соҳасидаги янгиликлари билан ўртоқлашганини таъкидлади.
“Айниқса, рақамлаштириш, киберхавфсизлик ва финтех соҳасидаги ютуқларимизга эътибор қаратдим. Шу муносабат билан мен рақамли хизматлар соҳасида ҳамкорликни оширишни таклиф қилдим. Мен Гвинея-Бисау олий даражадаги делегациясини келаси йили Астана халқаро форумига таклиф қилдим. Бу Қозоғистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти билан тўлиқ танишиш имконини беради”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Аввалроқ, Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Гвинея-Бисау Президенти Умару Сисоку Эмбалони Ақордада кутиб олгани ҳақида ёзган эдик.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Гвинея-Бисауни Африка қитъасидаги муҳим ҳамкори деб билишини айтди.
Музокаралар чоғида икки давлат раҳбарлари Биссау порти ва Транскаспий йўлагини улаш йўлларини ўрганишга келишиб олдилар.