Тоқаев ва Эмбало Бисау порти ва Транскаспий йўлагини улаш йўлларини ўрганишга келишиб олдилар

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон ва Гвинея-Бисау транспорт-логистика сектори салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишдан манфаатдор. Бу ҳақда ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Гвинея-Бисау Президенти Умару Сисоку Эмбало билан музокаралар якунлари бўйича қўшма баёнотида айтиб ўтди.

Тоқаев пен Умару Сисоку Эмбало
Фото: Ақорда

“Аввало, таклифимни қабул қилиб, Қозоғистонга расмий ташриф билан келгани учун Президент Умару Эмбалога самимий миннатдорлик билдираман. Бу ташриф қитъалар ва бир-бирига боғланган узоқ мамлакатлар ўртасида йўл очди. Бу халқимизнинг орзу-интилишлари, ниятлари бир эканини кўрсатди. Бугунги учрашувлар мазмунли ўтди. Биз бир қатор муҳим масалалар юзасидан музокаралар олиб бордик. Икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилдик. Ўтган йили Астана ва Бисау ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 10 йил тўлди. Бу даврда дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликка асосланган муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. Гвинея-Бисау Қозоғистоннинг Африка қитъасидаги муҳим ҳамкоридир”, – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев Гвинея-Бисау Президенти икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга катта ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.

“Мен буни қадрлайман. Икки томонлама учрашув натижасида самарали келишувларга эришдик. Мазкур ташриф сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини беради. Масалан, ҳар икки давлат ҳам транспорт-логистика соҳаси салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишдан манфаатдор. Шу билан бирга, биз Ғарбий Африкадаги Бисау портини Транскаспий транспорт йўлаги билан боғлаш йўлларини ўрганишга келишиб олдик. Бу, айниқса, дунёдаги геосиёсий вазият, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси оғирлашиб бораётган бир пайтда муҳим аҳамият касб этади”, – деди Президент.

Аввал хабар берганимиздек, Президент Умару Сисоку Эмбало Гвинея-Бисау ёшларининг Қозоғистон олий техник таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган эди.