Қозоғистон Deutsche Bahn компаниялар гуруҳи билан ҳамкорликни чуқурлаштиради

ASTANА. Кazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев Deutsche Bahn компаниялар гуруҳи раҳбарлари билан учрашди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Фото: Ақорда

Давлат раҳбари Deutsche Bahn компаниясининг ички темир йўл секторини модернизация қилишга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади.

Шу муносабат билан у DB Engineering & Consulting шўъба корхонаси ва «Қазақстан Темір жолы» миллий компаниясининг йўловчи ташишни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳасини алоҳида таъкидлади.

Президент қозоғистонлик ишлаб чиқарувчиларни Германия концернининг таъминот занжирига интеграция қилиш, шу жумладан тегишли сертификатлашдан ўтиш муҳимлигига эътибор қаратди.

Ўз навбатида, Deutsche Bahn харидлар бўйича директори Ян Гроте концерннинг Қозоғистондаги ишига ижобий баҳо бергани учун миннатдорчилик билдирди ва ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини маълум қилди.

Учрашувда DB Cargo Eurasia GmbH раҳбари Андреас Любс ҳам иштирок этди.

Бугунги кунга қадар Қозоғистон ва DB Cargo Eurasia контейнер юк ташиш саноатини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйдилар. Ҳозирда Транскаспий халқаро транспорт йўлагига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Томонлар транспорт ва логистика комплексининг барча соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.

Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Rhenus Group бошқарув раиси билан учрашди.