Қозоғистон БМТ майдонида сунъий интеллект бўйича минтақавий ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди

ASTANA. Kazinform — Жаслан Мадиев ўз маърузасида БМТга аъзо давлатларни ҳамкорликка чақириб, миллий экспертларни Марказ базасида фаолият юритиш учун юборишни таклиф қилди.

Фото: Министерство искусственного интеллекта и цифрового развития РК

Женевада ўтказилаётган «Рақамли ҳафталик» доирасида Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев «Инклюзив ва ўзаро уйғун ёндашувлар асосида сунъий интеллект афзалликларидан барча манфаатлар йўлида фойдаланиш» мавзусидаги юқори даражадаги пленар йиғилишда нутқ сўзлади. У Қозоғистоннинг БМТ ислоҳотларини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаб, «рақамли миллат»ни барпо этиш бўйича миллий тажрибаси билан ўртоқлашди.

Жаслан Мадиев Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг топшириғига биноан Қозоғистон электрон ҳукумат моделидан сунъий интеллект технологиялари давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг барча даражаларига чуқур интеграциялашган AI-native nation мақомига ўтишдан манфаатдор эканлигини таъкидлади. Ҳозирги кунда республика БМТнинг электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида 24-ўринни эгаллаб турибди, давлат хизматларининг 92 фоизи рақамлаштирилган. Шунингдек, Рақамли кодекс ҳамда «Сунъий интеллект тўғрисида»ги қонунни ўз ичига олган қонунчилик базаси фуқароларнинг рақамли ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолатлайди.

Мулоқот давомида Қозоғистоннинг асосий таклифи минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ташаббуси бўлди. Шу йил апрель ойида БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси Алматида Барқарор ривожланиш учун Осиё–Тинч океани рақамли ечимлар марказини ташкил этишни қўллаб-қувватлади. Жаслан Мадиев ўз маърузасида БМТга аъзо давлатларни ҳамкорликка чақириб, миллий экспертларни Марказ базасида ишлаш учун юборишни таклиф қилди. Қозоғистон томонининг фикрича, ушбу майдон илғор рақамли ечимларни синовдан ўтказиш ва кенг жорий этиш учун самарали «қумдон»га айланади. Бу эса БМТнинг Марказий Осиё бўйича Барқарор ривожланиш мақсадлари минтақавий маркази билан ҳамкорликда БМТнинг 2030 йилгача бўлган кун тартибини амалга оширишнинг муҳим воситасига айланади.

Жаслан Мадиев мамлакатнинг стратегик устувор йўналишлари сифатида учта асосий йўналишни белгилади: Қозоғистон Президенти раислигидаги Сунъий интеллект бўйича кенгаш орқали институционал ривожланиш, инфратузилмани кенгайтириш (жумладан, қуввати 1 ГВт бўлган Data Center Valleyни барпо этиш ва Транскаспий толали-оптик магистралини якунлаш), шунингдек AI-Sana таълим дастурлари ҳамда alem.ai халқаро маркази фаолияти орқали инсон капиталини ривожлантириш.

“Қозоғистон учун сунъий интеллектни инклюзив бошқариш амалий ўзаро уйғунликни англатади. Биз ҳамкорликка очиқмиз, тажриба алмашишга, қўшма пилот лойиҳаларни амалга оширишга ва технологияларни тартибга солишнинг уйғун ёндашувларини ривожлантиришга тайёрмиз”, — деди Жаслан Мадиев.

Унинг таъкидлашича, мамлакатнинг асосий мақсади — сунъий интеллект барқарор иқтисодий ривожланишга ва фуқаролар фаровонлигини оширишга аниқ ҳисса қўшишини таъминлашдир.