Жаслан Мадиевнинг сўзларига кўра, ҳозирда сунъий интеллектни ривожлантириш бошланғич босқичда, шу боис Қозоғистон учун комплекс AI-иқтисодиётини шакллантириш муҳим.
“Ҳозир биз сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришнинг энг бошида турибмиз. Турли баҳоларга кўра, AIнинг умумий потенциал бозори 50 триллион доллардан ошган”, — деди вазир.
У Қозоғистон сунъий интеллект иқтисодиётининг бешта асосий даражасини ривожлантиришни назарда тутувчи тизимли ёндашувни танлаганини таъкидлади.
“Булар энергетика инфратузилмаси, чиплар, турли булутли платформалардан фойдаланиш имконияти, маҳаллий ва суверен LLMларни ҳам ўз ичига олган катта тил моделларини ишлаб чиқиш, шунингдек, иловалар даражасидир”, — деб тушунтирди Жаслан Мадиев.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирча келажакда айнан қайси даражада энг катта қўшилган қиймат яратилиши ва энг юқори маржа кўрсаткичлари шаклланишини аниқ айтиш қийин.
“Шунинг учун Қозоғистон барча беш даражани ривожлантириш йўлини танлади. Бу келажакда сунъий интеллект иқтисодий фаолият ва бизнеснинг одатий қисмига айланганида юзага келадиган имкониятларни қўлдан бой бермаслик учун зарур”, — дея тушунтирди вазир.
Сессия давомида вазирдан Қозоғистон ўз саъй-ҳаракатларини барча йўналишлар ўртасида жуда кенг тақсимламаяптими, деб сўралди.
Саволга жавоб берар экан, Жаслан Мадиев AI-суверенитетни ривожлантириш барча зарур технологияларни мустақил равишда яратишга интилиш дегани эмаслигини таъкидлади.
“Бутун дунёдаги бошқа мамлакатлар ва йирик технологик компаниялар билан ҳамкорлик қилиш, шу билан бирга, диверсификация қилинган ёндашувни сақлаб қолиш муҳим”, — деди у.
Жумладан, вазирнинг сўзларига кўра, Қозоғистон ҳозирча чип ишлаб чиқарувчи давлат эмас. Бироқ мамлакат муҳим технологиялардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун Ғарб ва Шарқдаги ҳамкорлар билан муносабатларни қўллаб-қувватлаши зарур.
“Биз экспорт назорати учун масъул регуляторлар ва идоралар билан яхши муносабатларни сақлашимиз керак. Бу бизга муҳим технологиялардан фойдаланиш имконини беради”, — деди Жаслан Мадиев.
Вазир катта тил моделлари ва булутли ечимларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. У бундай технологияларда Қозоғистон контенти ва маданий контекстни ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлади.
“Ушбу моделларни қандай ўқитиш ва қайта ўқитиш, тегишли компетенцияларни қандай ривожлантиришни тушуниш зарур. Шунинг учун салоҳиятни ошириш дастурлари керак. Улар бизга иловалар даражасига ўтиш имконини беради”, — дея таъкидлади у.
Жаслан Мадиевнинг фикрича, айнан сунъий интеллектнинг амалий қўлланиш даражаси Қозоғистон энг катта амалий фойда олиши мумкин бўлган йўналишдир.
“Биз иловалар даражаси Қозоғистон энг катта фойда олиши мумкин бўлган йўналиш, деб ҳисоблаймиз. Бу ерда ечимларни бутун иқтисодиёт бўйлаб ва одамларнинг кундалик ҳаётида кенг миқёсда қўллаш мумкин”, — дея хулоса қилди вазир.
Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Астанада халқаро AI & Digital Bridge 2026 IT-форуми бўлиб ўтмоқда.