Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов Боку энергетика ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган ялпи мажлисда маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Озарбайжон билан ҳамкорлик ва Боку-Тбилиси-Жайҳон (БТЖ) нефть қувури йўналишини ривожлантириш Қозоғистон учун муҳим устуворликлардан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу йўналиш Каспий қувури консорциумини (КҚК) тўлдиради ва экспорт таъминотини диверсификация қилиш имконини беради.
— БТЖ йўналиши Қозоғистон учун стратегик аҳамиятга эга. Бу нафақат транспорт йўлаги, балки Евроосиёда энергия хавфсизлигининг янги архитектурасининг бир қисмидир, — деди Ерлан Ақкенженов.
Вазирнинг сўзларига кўра, БТЖ орқали Қозоғистон нефтини ташишни йилига 1,5 миллион тоннадан 2,2 миллион тоннагача ошириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, Каспий қувури консорциуми (КҚК) ҳали ҳам Қозоғистон нефтини экспорт қилишнинг асосий йўналиши ҳисобланади. 2025 йилда ушбу тизим орқали 64,8 миллион тонна нефть ташилди.
Сессия давомида Қозоғистоннинг 2035 йилгача бўлган янги энергетика стратегияси ва кам углеродли иқтисодиётга ўтиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тегишли концепцияга мувофиқ, мамлакат 8,4 ГВт қувватга эга қайта тикланадиган энергия қувватларини ишга туширишни режалаштирмоқда.
Ҳозирда Қозоғистонда умумий қуввати тахминан 3,7 ГВт бўлган 169 та қайта тикланадиган энергия объекти фаолият юритмоқда. Улар электр энергиясининг тахминан 7 фоизини ишлаб чиқаради. Лойиҳаларни амалга оширишда Хитой, БАА, Франция ва Германия каби мамлакатларнинг халқаро компаниялари иштирок этмоқда.
Вазир шунингдек, Каспий яшил энергия йўлаги лойиҳасининг аҳамиятини таъкидлади. Ушбу лойиҳа Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг қўшма ташаббуси ҳисобланади.
— Биз Марказий Осиё ва Европа ўртасида тоза энергия ва замонавий технологияларга асосланган янги энергия кўприги яратмоқдамиз, — деди Ақкенженов.
Бундан ташқари, Қозоғистон "яшил" водород ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишлаб чиқмоқда. Улар орасида Манғистау вилоятидаги Hyrasia One лойиҳаси ҳам бор. Энергетика секторини модернизация қилиш ва чиқиндиларни камайтириш учун "тоза кўмир" технологиялари ҳам жорий этилмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, 1-3 июнь кунлари Озарбайжонда Боку энергетика ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Унинг доирасида "Каспий нефть ва гази" халқаро кўргазмаси, "Тоза энергия" кўргазмаси ва Боку энергетика форуми ташкил этиади. Учрашув давомида Қозоғистон ва Туркия нефть, газ, кимё ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон глобал энергетикада муҳим роль ўйнашда давом этмоқда.