Қозоғистон 2026 йилда қарийб 20 та халқаро мусобақага мезбонлик қилади

ASTANA. Kazinform — 2026 йилда Қозоғистон жаҳон ва қитъа миқёсидаги қарийб 20 та йирик халқаро спорт мусобақасини қабул қилади.

Photo credit: Olympic.kz

Халқаро спорт тадбирлари Астана, Алмати ва Туркистон шаҳарларида ташкил этилиб, олимпия, паралимпия ҳамда инновацион спорт турларини қамраб олади.

«2026 йилда мамлакатимиз халқаро спорт тақвимининг муҳим марказларидан бирига айланади. Йилнинг асосий мусобақалари қаторида дзюдо бўйича Гранд-слам, стенд отиш бўйича ISSF Жаҳон кубоги, пара каноэ бўйича Осиё чемпионати, бочча бўйича Жаҳон кубоги, каратэ бўйича Осиё чемпионати ва таэквондо (WT) бўйича Гран-при финали киради», — дейилади хабарда.

Йирик мусобақалардан бири — 29 июлдан 9 августгача Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган “Келажак ўйинлари” халқаро мультиспорт турниридир. Ушбу лойиҳа анъанавий спорт ва рақамли технологияларни бирлаштирувчи фиджитал спорт турларини ривожлантиришга қаратилган.

Шунингдек, йил давомида мамлакатда велотрек бўйича Silk Way Series ва Astana Open Series халқаро мусобақалари, енгил атлетика бўйича Ғусман Қосанов хотирасига бағишланган мусобақа, жиу-житсу бўйича Осиё чемпионати, стол тенниси бўйича Қозоғистон Республикаси Президентининг Очиқ кубоги, фигурли учиш бўйича Denis Ten Memorial Challenge Series турнири ва бошқа нуфузли баҳслар ташкил этилади.

Бундан ташқари, Астана шаҳрида сузиш бўйича Жаҳон кубоги босқичи, голбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва пара спорт йўналишидаги бир нечта халқаро турнирлар ўтказилади.

Халқаро мусобақаларни ўтказиш мамлакатнинг спорт соҳасидаги нуфузини ошириш билан бирга, спорт туризмини ривожлантириш, инвестициялар жалб этиш ва спорт инфратузилмасини такомиллаштириш имконини беради.

«2027 йил ҳам Қозоғистон спорти учун алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Келаси йили мамлакатимизда 7 та жаҳон чемпионати, 2 та Осиё чемпионати ҳамда 19 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида футзал бўйича Европа чемпионатини ўтказиш режалаштирилган», — деб таъкидланган маълумотда.

Жорий йилнинг август ойида Астана шаҳрида бочча бўйича жаҳон рейтинги турнири — Astana 2026 World Boccia Cup бўлиб ўтади.