Қозоғистон 13,1 миллион тонна дон ва ун экспорт қилди

ASTANA. Kazinform - Қозоғистоннинг дон ҳамда дон эквивалентида ҳисобланган ун экспорти мавсумнинг ўн ойи давомида 13 фоизга ўсиб, 13,1 миллион тоннага етди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлигига таяниб хабар беради.

Фото: Ауыл шаруашылығы министрлігі

«Қозоғистон темир йўли» миллий компанияси АЖ маълумотларига кўра, бу кўрсаткич ўтган мавсумнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга юқори. Ўшанда хорижга 11,6 миллион тонна маҳсулот жўнатилган эди.

“Экспорт ўсишининг асосий омиллари Марказий Осиё минтақасидаги анъанавий импортчи давлатлар ҳамда Афғонистон бўлди. Жумладан, Ўзбекистонга экспорт 38 фоизга ошиб, 3,9 миллион тоннадан 5,5 миллион тоннага етди. Қирғизистонга экспорт 1,4 баробарга ўсиб, 357 минг тоннадан 504 минг тоннага, Афғонистонга экспорт 59 фоизга ошиб, 1,4 миллион тоннадан 2,2 миллион тоннага, Туркманистонга эса 37 фоизга кўпайиб, 150 минг тоннадан 205 минг тоннага етди, — дейилади Қозоғистон Қафишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарида.

Шунингдек, юк ташиш соҳасидаги ижобий статистика Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб юқори эканини, жанубий йўналишдаги логистика йўлаклари барқарор ишлаётганини тасдиқлайди. Бу, шунингдек, экспорт логистикасини ривожлантириш ва хорижий ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ҳам кўрсатади.