Фармонга кўра, уч кунлик миллий мотам даврида мамлакатдаги давлат муассасаларида, шунингдек, Колумбиянинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида давлат байроқлари ярим туширилади.
Колумбия ҳукумати баёнотида: «Колумбия ҳукумати мамлакат халқи номидан 2026 йил 10 августда содир бўлган зилзила натижасида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради. Ҳукумат ушбу фожиадан жабрланганлар билан бирга», – дейилади.
Президент Де ла Эсприелья ижтимоий тармоқда қидирув-қутқарув ишлари «узлуксиз» давом этаётганини маълум қилди.
«Биз бедарак йўқолган биродарларимизни топиш учун кечаю кундуз тинмай ишлаётган қутқарувчиларимиз ва из қидирувчи итларимизга ишонамиз. Перейрада 30 ёшли Даниэла Андреа Ларго Санчес етти соатлик қидирувдан сўнг бир неча дақиқа олдин тирик ҳолда топилди. Бу хабар бизга умид бағишлаб, ишончимизни мустаҳкамлади. Худодан мадад сўраб, қутқарувчиларимизнинг фидокорона меҳнати туфайли яна кўплаб колумбияликлар тирик ҳолда топилиб, оилалари бағрига қайтишларига умид қиламиз», – деди президент.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Колумбиядаги кучли ер силкиниши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 250 кишидан ошгани хабар қилинган.