Қозоғистон мустақилликка эришгандан сўнг биринчи марта 1994 йилда Лиллехаммерда (Норвегия) бўлиб ўтган Қишки Олимпия ўйинларида иштирок этган. Владимир Смирнов 3 та медални қўлга киритди ва Қозоғистон жамоаси умумий ҳисобда 12-ўринни эгаллади.
Қозоғистонлик спортчи чанғи пойгасида 50 километр масофани босиб ўтиб, маррага биринчи бўлиб етиб келди. Бу ғалаба Қозоғистон учун қишки Олимпиада тарихидаги илк ва ҳозиргача ягона Олимпиада олтинидир.
Худди шу Олимпиадада чанғичи 10 ва 15 километр масофаларда яна иккита кумуш медалини қўлга киритди.
1998 йилда Наганода (Япония) бўлиб ўтган Қишки Олимпиада ўйинларида Қозоғистон терма жамоаси 2 та бронза медалини қўлга киритди ва умумий ҳисобда 21-ўринни эгаллади.
Афсонага айланган чанғичи Владимир Смирнов 15 километр масофада маррага учинчи бўлиб етиб келди.
Конькида учиш бўйича спортчи Людмила Прокашева эса 5000 метр масофада мамлакат саватчасига бронза медаль билан тўлдирди.
Қозоғистонлик спортчилар учун 2002 йилги Солт-Лейк-Сити (АҚШ) ва 2006 йилги Турин (Италия) Олимпиадалари муваффақиятсиз бўлди ва улар медалсиз уйга қайтдилар.
Қозоғистон терма жамоаси Ванкувер шаҳридаги XXI Қишки Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун 39 та лицензияни қўлга киритди. Натижада, миллий терма жамоа 12 йиллик танаффусдан сўнг шоҳсупага қайтди.
Биатлончи Елена Хрусталева 15 километрлик шахсий пойгада рақибини атиги 20,7 сония ортда қолдириб, иккинчи ўринни эгаллади. Қозоғистон жамоаси умумжамоа ҳисобида 1 та кумуш медал билан 25-ўринни эгаллади.
Фигурали учувчи Денис Тен 2014 йилда Сочида (Россия) бўлиб ўтган Олимпиадада бронза медалини қўлга киритди. Ушбу натижа туфайли Қозоғистон жамоаси умумжамоа ҳисобида 26-ўринни эгаллади.
Қисқа дастурдан сўнг тўққизинчи ўринни эгаллаган Денис Тен эркин дастурда юқори савияда чиқиш қилди ва медал соҳиблари сафига қўшилди.
2018 йилда Пхенчханда (Жанубий Корея) бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида Қозоғистон терма жамоаси Юлия Галишева қўлга киритган ягона бронза медали билан мамлакатга қайтди.
2022 йилда Пекинда (Хитой) бўлиб ўтган Қишки Олимпия ўйинларида қозоғистонлик спортчилар медалсиз қолди.
Шундай қилиб, ҳозиргача ўтказилган 8 та Қишки Олимпия ўйинларида Қозоғистон терма жамоаси жами 8 та медални қўлга киритди. Шу жумладан, 1 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медаллари.