Вазирлик маълумотларига кўра, волонтерлар учун махсус кийимлар Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари котибияти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Маросимда вазирнинг биринчи ўринбосари Союзбек Надирбеков сўзга чиқиб, VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларини юқори даражада ташкил этишда волонтерларнинг муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Унинг айтишича, волонтерлар хорижлик меҳмонлар ва Ўйинлар иштирокчиларини биринчи бўлиб кутиб олади. Шу орқали улар Қирғизистон ҳақида илк ижобий таассурот шаклланишига салмоқли ҳисса қўшади.
Сўзининг якунида Надирбеков Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларини ташкил этишда иштирок этаётган барча томонлар ва ҳамкорларга миннатдорлик билдириб, волонтерларга мустаҳкам соғлиқ, куч-ғайрат, муваффақият ва кўтаринки кайфият тилади.
Қайд этиш жоизки, VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари 2026 йил 1-6 сентябрь кунлари Иссиқкўл вилоятида бўлиб ўтади. Ўйинларда дунёнинг турли бурчакларидан спортчилар, маданият вакиллари, меҳмонлар ҳамда сайёҳлар иштирок этади.
Бундан аввал Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида Мўғулистондан 135 нафар спортчи ва мураббий иштирок этиши ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, 2026 йилги Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг талисмани сифатида қор қоплони танлангани хабар қилинган эди. Унга Батай номи берилди.
Қирғизистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат агентлиги маълумотларига кўра, VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида кўк бору ва кўпкари мусобақалари алоҳида спорт дисциплинаси сифатида ўтказилади.
Қирғизистондаги Кўчманчилар ўйинларига томошабинларни 300 та автобус бепул олиб бориши маълум қилинди.
Бундан ташқари, VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига кириш нархи ҳам маълум бўлгани ҳақида ёзган эдик.