Тегишли қонун лойиҳаси Қирғизистон парламенти - Жогорку Кенеш томонидан биринчи ўқишда маъқулланди.
Қонун лойиҳасига кўра, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар, паспортлар ва ФҲДЁ органлари томонидан берилган бошқа расмий ҳужжатларда кўрсатилган "жинс" маълумотларини ўзгартириш бутунлай тақиқланади.
Ҳужжат шахснинг жинсини фақат туғилганда аниқланган биологик жинс сифатида қонуний равишда тан олади. Шунингдек, унда жарроҳлик операциялари, гормон терапияси ва жинсни ўзгартиришга қаратилган бошқа тиббий аралашувларни тақиқлаш таклиф қилинган.
Қонун лойиҳасига кўра, туғилишда давлат рўйхатидан ўтказиш пайтида киритилган жинс ёзуви якуний ҳисобланади ва фуқаро вояга етганидан кейин, ўз илтимосига биноан, суд қарори билан ёки тиббий ёки бошқа хулосалар асосида ўзгартирилиши мумкин эмас.
Фақат ФҲДЁ ходими томонидан йўл қўйилган техник хатоларни (ёзиш ёки чоп этишдаги хатолар) тузатишга рухсат берилади.
Бундан ташқари, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар бир хил биологик жинсдаги одамлар ўртасида никоҳни тақиқлашни назарда тутади. Бола учун фақат аёл шахс она сифатида, фақат эркак шахс эса ота сифатида тан олинади.
Шунингдек, ота-оналар, болани биологик жинсига мувофиқ тарбиялаш ва унинг жисмоний ва руҳий саломатлигини, шу жумладан, жинсини ўзгартиришга қаратилган мумкин бўлган аралашувлардан ҳимоя қилишлари шарт бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда трансгендер шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилган эди.