Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлиги маълумотларига кўра, томонлар ҳудудлар алмашинуви жараёни доирасида эришилган келишувларни амалий татбиқ этиш масалаларини кўриб чиқди ва кейинги қўшма ишлар тартибини келишиб олди.
Қўшма комиссияга Қирғизистон томонидан меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирининг биринчи ўринбосари К. Досматов, Ўзбекистон томонидан эса ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Б. Қудратхўжаев ҳамраис этиб тайинланди.
Учрашув якунига кўра, икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари, идоралари ва маҳаллий ҳокимият органлари вакилларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.
Гуруҳ ҳудудлар алмашинуви доирасида кўчириладиган аҳолини жойлаштириш, уларнинг фуқаролиги, давлат мулки объектларини қабул қилиш ва топшириш, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини расмийлаштириш, ердан фойдаланиш ва аҳолини ижтимоий таъминлаш масалаларини тартибга солиш, шунингдек, таълим жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш билан боғлиқ амалий масалалар билан шуғулланади.