Қирғизистон минерал ўғитлар экспортига вақтинчалик тақиқ қўйди

ASTANA. Kazinform — Қирғизистон Республикасида ЕОИИ божхона ҳудудидан ташқарига минерал ўғитларни экспорт қилишга олти ойлик вақтинчалик тақиқ жорий этилди, деб хабар беради Кабар Қирғизистон Республикаси Бош вазири матбуот хизматига таяниб.

Фото: freepik.com

Ушбу қарор Қирғизистон Республикаси Бош вазири Адилбек Касималиев томонидан имзоланди.

“Тақиқ илгари учинчи мамлакатлардан импорт қилинган ва сифати паст деб топилган минерал ўғитларга тааллуқли эмас”, — дейилади хабарда.

Тегишли давлат органларига айрим турдаги минерал ўғитларнинг ноқонуний экспорт қилинишининг олдини олиш учун зарур чораларни кўриш топширилди.

Аввалроқ Қирғизистон 2026-2030 йилларга мўлжалланган санитария ҳимояси қоидалари ва ҳаракатлар режасини янгилаётгани ҳақида ёзган эдик.