Режа БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагида ишлаб чиқилди. Унинг якуний муҳокамаси Қирғизистоннинг Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлигида вазир ўринбосари Рисгул Акимжанованинг иштирокида бўлиб ўтди.
Брендни ривожлантиришдан асосий мақсад — қирғиз ёнғоғини ички ва халқаро бозорларда илгари суриш, унинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда маҳаллий ҳамжамиятлар учун янги имкониятлар яратиш.
Ҳар йили Қирғизистонда 44 минг тоннадан ортиқ ёнғоқ йиғиб олинади. Уни йиғиш ва сотиш кўплаб маҳаллий аҳоли учун даромад манбаи ҳисобланади.
Миллий маркетинг режаси бренд логотипи ва визуал услубини ишлаб чиқиш, маҳсулотларни танлаш ва QR-кодлар тизими орқали маркировкалашни жорий этиш, ижтимоий тармоқларда тарғиб қилиш, шунингдек, халқаро кўргазмалар ва экспорт бозорларида қирғиз ёнғоғини намойиш этишни назарда тутади.
Кейинги босқичда органик сертификатлаш, географик кўрсаткичларни рўйхатдан ўтказиш ва ёнғоқзорларни барқарор бошқариш масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.