Лойиҳа ҳаво сифатини мониторинг қилиш, таҳлил қилиш, прогнозлаш ва маълумотларни бошқариш билан боғлиқ инфратузилмани модернизация қилиш, тоза ва энергия тежамкор уй-жойларни иситиш технологияларига ўтиш ҳамда мақсадли ҳудудларда шаҳарни кўкаламзорлаштириш дастурини қўллаб-қувватлаш орқали ҳаво сифатини бошқаришнинг комплекс тизимини яратишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Молия вазири Алмаз Бакетаев Қирғизистон Жаҳон банки жамоаси билан биргаликда Қирғизистон Республикасида биринчи марта ҳаво сифатини яхшилаш бўйича лойиҳа ишлаб чиққанини, бу ҳаво сифатини бошқаришнинг комплекс тизимини яратишга ёрдам беришини таъкидлади.
“Зарарли моддалар чиқиндиларини камайтириш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш мақсадида “Газлаштиришни имтиёзли молиялаштириш” дастури аҳолига имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда Бишкек шаҳри ва Чуй вилоятини газлаштиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳисобидан молиялаштирилмоқда”, -деди Молия вазирлиги раҳбари.
Вазирнинг сўзларига кўра, 2023 йилда тижорат банкларининг фоиз ставкаларини субсидиялаш учун 72,6 миллион сом ажратилган. Худди шундай маблағ 2024 йил учун ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, Вазирлар кабинетининг фармойиши билан экологик тоза автобуслар харид қилиш учун республика бюджетидан 4,5 миллиард сом ажратилди.
Муаллиф: Гулмира Абдраҳманова