Қирғизистон Миллий инвестициялар агентлиги Хитойнинг «Марказий Осиё энергетика компанияси» билан қўшимча келишув имзолади.
Ҳужжат Қора-Балта шаҳридаги «Жунда» нефтни қайта ишлаш заводини кенг кўламда модернизация қилишнинг янги босқичини бошлайди.
Бу корхонага маҳаллий ишлаб чиқарилган Евро-5 стандартидаги ёқилғи ишлаб чиқаришга тўлиқ ўтиш имконини беради.
Ишлаб чиқариш қувватларини янгилаш нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва уларнинг сифатини яхшилашга хизмат қилади. Бундан ташқари, лойиҳа мамлакатда нефтни қайта ишлаш, ишлаб чиқариш кооперацияси ва турдош соҳалар ривожига туртки беради, янги иш ўринлари яратади ҳамда иқтисодиёт учун қўшимча имкониятларни кенгайтиради.
Бундан аввал давлат ёқилғи-мойлаш материаллари нархини ушлаб туриш учун қарийб 1 миллиард сом миқдорида субсидия ажратгани хабар қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойи охирида Қирғизистон ҳукумати ёқилғи-мойлаш материаллари импортчилари учун вақтинчалик субсидияларни расман жорий этган ва ёқилғи нархларини давлат томонидан тартибга солишни йўлга қўйган.