Қирғизистон электромобиль ишлаб чиқаришни бошлади

ASTANA. Kazinform — Қирғизистон BARS миллий бренди остида электромобиль ишлаб чиқаришни бошлашга тайёрланмоқда, деб хабар беради агентликнинг Бишкекдаги мухбири .

Фото: Вечерний Бишкек

Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, электр двигателли енгил автомобиллар, тижорат ва махсус транспорт воситаларини ишлаб чиқарадиган заводни ишга тушириш 2026 йилнинг учинчи чорагига режалаштирилган. Ҳозирда лойиҳанинг 75 фоизи бажарилган.

Дастлаб ишлаб чиқаришни яримтайёр йиғиш усулида ташкил этиш, кейинчалик тўлиқ йиғиш ва ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклига ўтиш режалаштирилган.

Заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 10 мингта автомобилни ташкил этади. Бу 100 та иш ўрни яратиш имконини беради.

BARS миллий бренди остида электромобиль ишлаб чиқариш нафақат Қирғизистон ички талабини қондириш, балки Марказий Осиё мамлакатлари ва Евроосиё иқтисодий иттифоқига фаол экспорт қилишга ҳам қаратилган.