Ким Чен Ин “жаҳон даражасидаги” курорт очди

Фото: Фото: KCNA

Шимолий Корея Ким Чен Иннинг асосий лойиҳаларидан бири бўлган йирик «Вонсан-Кальма» сайёҳлик курортини қуришни якунлади. Расмийлар уни “жаҳон даражасидаги” курорт деб атамоқда ва келажакда хорижликлар ҳам ташриф буюриши мумкинлигига умид қилмоқда, деб хабар беради Kazinform BBCга таяниб.

Дам олиш маскани шарқий қирғоқда, Вонсан шаҳрида жойлашган. Тантанали очилиш маросими 24 июнда Россия элчиси Александр Мацегора иштирокида бўлиб ўтди. Дам олиш маскани 1 июлдан маҳаллий аҳоли учун очилади, бироқ хорижликлар учун очилиш санаси ҳозирча номаълум.

Дам олиш маскани 4 километрлик пляжда жойлашган бўлиб, 20 минг кишига мўлжалланган. Расмийларга кўра, пляжда спорт майдончалари, меҳмонхоналар, ресторанлар, аквапарк ва дўконлар мавжуд, бироқ бу ҳали тасдиқланмаган.

Ким Чен Ин узоқ вақтдан бери туризмни тарғиб қилиб келади. Вонсан унинг туғилган шаҳри бўлиб, у ерда кўпчилик элита яшайди. Дам олиш маскани учун режалар ўн йилдан кўпроқ вақт олдин бошланган. Кимнинг фикрича, туризм мамлакат иқтисодиёти ва маданиятига ёрдам беради.

Очилишдан олинган суратда Ким рафиқаси ва қизи ҳамроҳлигида дам олувчиларни кузатаётгани акс этган.  Оммавий ахборот воситалари унинг қизи БМТ санкциялари остида мамлакатга олиб кириши тақиқланган Cartier соатини тақиб юрганини пайқаган.

Фото: KCNA

Дам олиш маскани 2019 йилда очилиши режалаштирилган эди, бироқ қурилиш кечиктирилди, кейин пандемия бошланди. Шимолий Корея чегаралари фақат 2023 йил августида очилган. Шу вақтдан бери россиялик сайёҳлар мамлакатга кела бошлаган. Май ойида Расон-Владивосток темир йўл қатнови тикланди, 25 июнда эса Пхеньяндан поезд сўнгги 5 йил ичида биринчи марта Москвага етиб келди.

2024 йилда Владивосток ва Пхеньян ўртасидаги рейслар сони ҳафтасига бештага этди. Ўтган йили КХДРга 1500 нафар россиялик ташриф буюрган. Баъзилар тоғ-чанғи курортлари ва болалар лагерларига борди.

2025 йил бошида Европа ва Австралиядан сайёҳларга рухсат берилди, бироқ тез орада ҳеч қандай изоҳсиз туризм яна тўхтатилди.

Мутахассисларнинг фикрича, курорт Ғарб сайёҳларини кўп жалб эта олмайди. Асосий қизиқиш ҳали ҳам Пхеньян, демилитаризация зонаси ва Совет архитектураси. Шунга қарамай, Шимолий Корея ғайриоддий саёҳатни севувчилар учун қизиқарли жой бўлиб қолмоқда.