ҚФФ профессионал турнирлар тақвимини тузишда сунъий интеллект тизимини жорий қилмоқда

Фото: Фото: ҚФФ

АSTANА. Kazinform – Қозоғистон футбол федерацияси футбол мусобақалари тақвимини тузишда сунъий интеллект технологияларини қўллашни бошлаганини эълон қилди. Бу ҳақда ҚФФ матбуот хизмати хабар берди.

9 февралда тақвимни тузиш тадбири режалаштирилган. Унда футбол клублари вакиллари онлайн тарзда иштирок этади. Муҳокама ва келишув натижаларига кўра тайёрланган тақвим Қозоғистон футбол федерациясининг Ижроия қўмитаси тасдиғига юборилади.

Лойиҳа Президент Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаевнинг Қозоғистон халқига Мурожаатномасида айтилган замонавий рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш вазифалари доирасида амалга оширилмоқда.

Сунъий интеллект Қозоғистон Премьер-лигаси, Биринчи ва Иккинчи лигалар, шунингдек аёллар ўртасидаги футбол турнирлари мусобақа тақвимини тузишда қўлланилади. Ечим маҳаллий мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, инсон омилини истисно қилувчи, кенгайтирилган параметрларни ҳисобга олиш имконини берувчи классик Бергер жадвалига асосланган.

Алгоритм стадионларнинг мавжудлиги, турли ҳаво-райи, клубларнинг еврокубокларда иштирок этиши, ФИФАнинг халқаро тақвими, уйдаги ва сафардаги ўйинларни режалаштириш, инфратузилманинг умумий юкламаси, йирик шаҳар тадбирларининг ўтказилиши, шунингдек хавфсизлик масалалари ва айрим ўйинларга алоҳида эътибор қаратиш заруриятини ўз ичига олган спорт ва ташкилотчилик шартларини ҳисобга олади.

Сунъий интеллектдан фойдаланиш бир неча тақвим вариантларини моделлаштиришга, қабул қилинадиган қарорларнинг оқибатларини башорат қилишга ва тезкорлик билан ўзгаришлар киритишга имкон беради. Бу мавсум давомида ўйинларни кечиктириш ҳолатини сезиларли даражада камайтиради.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг бир қанча ҳудудларида янги стадионлар қурилади.