Президентнинг сўзларига кўра, фуқаролар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бевосита гувоҳлари ва бу ўзгаришларнинг аниқ натижаларини кўришмоқда.
— Сўнгги 7 йил ичида ялпи ички маҳсулот 29 фоизга ўсди ва 306 миллиард долларга етди. Олтин-валюта захиралари ва Миллий жамғарма активлари ҳажми 138 миллиард доллардан ошди. Бу даврда мамлакатимизга 162 миллиард доллардан ортиқ инвестициялар жалб қилинди, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Халқ Кенгашининг биринчи сессиясида.
Мамлакатда иқтисодиётда кичик ва ўрта бизнеснинг улуши 40 фоиздан ошди. Қозоғистонда ҳар йили 20 миллион квадрат метрдан ортиқ уй-жой қурилмоқда.
2019 йилдан бери 1 миллиондан ортиқ ўқувчи учун 1342 та мактаб қурилди.
— Фуқароларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 76 ёшга етди. 1200 дан ортиқ соғлиқни сақлаш муассасалари ҳам очилди. Шу вақт ичида 35 000 километрдан ортиқ йўллар қурилди ва таъмирланди. Буларнинг барчасини тарихимиздаги энг юқори кўрсаткич деб аташ мумкин. Фаол ишлар натижасида Қозоғистон дунёнинг энг рақобатбардош 40 та мамлакати қаторига кирди, — деди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Президент Халқ Кенгаши конституциявий мақомга эга ўзига хос институт бўлишига шубҳа йўқлигини айтди.