Қасим-Жомарт Тоқаев Абу-Даби Валиаҳд шаҳзодасини Ақордада кутиб олди
ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Абу-Даби Валиаҳд шаҳзодаси Шайх Холид бин Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи Ақордада кутиб олди.
Дастлаб Қасим-Жомарт Тоқаев ва Холид бин Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён расмий делегация аъзоларини бир-бирлари билан таништирдилар. Шундан сўнг, олий мартабали меҳмоннинг ташрифи шарафига Тантаналар залида саф тортган фахрий қоровул бошлиғи қутлов сўзи айтди. Президент оркестри ҳар икки давлат мадҳияларини ижро этди.
Қасим-Жомарт Токаев ва Холид бин Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён мадҳияларни тинглаб бўлгач, гилам бўйлаб Қозоғистон Республикаси Давлат байроғи томон юришди.
Сўнг меҳмон ва Президент фахрий қоровул сафидан ўтди.
Ҳозирда юқори даражадаги музокаралар олиб борилмоқда. Музокаралар давомида Қозоғистон ва БАА ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинади, қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланади.
БАА Қозоғистоннинг араб дунёсидаги асосий савдо-иқтисодий шериги ҳисобланади. Икки давлат раҳбарияти товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича ҳамкорликда чора-тадбирлар кўрмоқда.
Кеча Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси Шайх Холид бин Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Астанага келган эди.
Kazinform мухбири ташриф аҳамияти ва икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш йўналишини таҳлил қилиб чиқди.