Фақат Квебекда маҳаллий ўт ўчирувчилар бир вақтнинг ўзида 40 дан ортиқ бўлмаган ёнғинларни ўчириш имкониятига эга бўлишига қарамай, 150 дан ортиқ фаол ёнғинлар мавжуд.
Ушбу ёнғинлар туфайли Америка шаҳарларида - Нью-Йорк, Вашингтон ва бошқаларда ҳам тутун кузатилмоқда. АҚШ шимолий қўшнисига фавқулодда ёрдам юбормоқда.
Фото: GETTY IMAGES
Квебекдан ташқари Британия Колумбияси, Алберта, Онтарио, Янги Шотландия ва Шимоли-Ғарбий ҳудудларда 3,3 миллион гектар ўрмонлар ёнмоқда.
Канадада ўрмон ёнғинлари йилнинг шу даврига хосдир. Бироқ бу йил кузатилаётган ёнғинлар кўлами жуда катта бўлиб, қисман қуруқ об-ҳаво ва ҳароратнинг исиши билан боғлиқ. Агар ёнғинлар шу тезликда тарқалишда давом этса, расмийлар 2023 йил Канадада ёниб кетган ҳудуд ҳажми бўйича энг ёмон йил бўлишини тахмин қилмоқда.
Фото: GETTY IMAGES
Яқин атрофдаги ёнғинлар туфайли минглаб канадаликлар эвакуация қилинди, Шимолий Америка бўйлаб ўн миллионлаб одамлар потенциал тутун хавфи ҳақида огоҳлантирилди.
Канада ва АҚШнинг кўплаб шаҳарларида, жумладан Торонто, Оттава, Нью-Йорк ва Вашингтонда осмон тўқ сариқ рангга кирди. Оттава ҳукумати ёнғинлар натижасида ҳавонинг ифлосланишини одамлар, айниқса, нафас йўллари касалликлари билан оғриганлар саломатлиги учун ўта хавфли деб атади.
Фото: GETTY IMAGES
Нью-Йорк ва Вашингтонда давлат мактаблари фаолияти тўхтатилди, Нью-Йорк мэри Эрик Адамс эса вазият ёмонлашиши мумкинлигидан огоҳлантирди ва аҳолини уйларини тарк этмасликка чақирди.
Фото: GETTY IMAGES
Эрик Адамснинг айтишича, нью-йоркликлар ҳеч қачон бундай нарсаларни бошдан кечирмаган. У вазиятни мисли кўрилмаган деб атади.