Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларининг транзит қилиниши устидан назорат кучайтирилди

Фото: Фото: Савдо қўмитаси

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Республикаси Савдо қўмитаси тухумни ноқонуний ташиш ва ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларини транзит қилиш устидан назоратни кучайтиради.

Савдо ва интеграция вазирлигида мамлакат ички бозорига ноқонуний олиб кирилган тухумларнинг сотилиши ва ижтимоий аҳамиятга молик озиқ-овқат маҳсулотларининг вақтинчалик чекловлар билан олиб ўтилишини назорат қилиш механизмларини ишлаб чиқишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишни Савдо қўмитаси раиси Айдар Абилдабеков олиб борди.

2025 йил 4 апрелда Қишлоқ хўжалиги вазирининг 101-сон буйруғига асосан, ички бозорда нархларни барқарорлаштириш ва демпингнинг олдини олиш мақсадида Қозоғистон Республикаси ҳудудига товуқ тухумларини олиб киришга вақтинчалик чеклов жорий этилди.

Йиғилишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси, Молиявий мониторинг агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ветеринария текшируви ва назорати қўмитаси, Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати, Қозоғистон паррандачилар иттифоқи кенгашининг вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш Қозоғистон паррандачилар иттифоқи мурожаатлари асосида ўтказилди. Унда айрим савдо шохобчаларида давлат назоратисиз эркин сотилаётган хориждан олиб келинган тухумларнинг ноқонуний олиб кирилиши ҳолатлари ҳақида маълумотлар келтирилган. 2025 йил июнь ойида ўтказилган мониторинг натижасида мамлакатнинг қатор ҳудудларида ёрлиқсиз ёки контрабанда маҳсулотлари сотилаётгани аниқланган. Бундай ҳолатлар ички бозорда адолатли рақобатга путур етказади ва истеъмолчилар хавфсизлигига таҳдид солади.

Савдо қўмитаси раиси Айдар Абилдабеков давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, уларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш, шунингдек, қонунбузарликларга тезкорлик билан муносабатда бўлиш имконини берадиган самарали мониторинг механизмларини жорий этиш муҳимлигини таъкидлади.

Йиғилиш якунлари бўйича ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари айланиши устидан назорат тизимини такомиллаштириш ва вақтинчалик чекловлар қўйилган маҳсулотлар бўйича ваколатли давлат органларининг самарали ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш бўйича қўшма ишларни давом эттириш бўйича қўшма қарор қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари индекси қандай ўзгаргани ҳақида хабар берган эдик.