Италия банклар ва қимор бизнесига солинадиган солиқларни оширади

ASTANA. Kazinform — Италия 2027 йилги давлат бюджетини молиялаштириш мақсадида банклар, суғурта компаниялари, энергетика корхоналари ва қимор бизнесига солинадиган солиқларни оширади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Фото: Fiscal Code

Иқтисодиётга туртки беришга қаратилган чора-тадбирлар пакети келгуси йили Европа Иттифоқининг учинчи йирик иқтисодиёти бўлган Италияда бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотнинг 3,4 фоизигача оширади. Бу Европа Иттифоқи томонидан белгиланган 3 фоизлик чегарадан анча юқори. 2026 йилда эса ушбу кўрсаткич тахминан 2,9 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Италия Бош вазири Жоржа Мелонининг айтишича, бюджетда солиқ имтиёзлари ва умумий қиймати 26 миллиард еврога тенг қўшимча харажатлар кўзда тутилган. Ушбу чоралар ўртача даромадга эга фуқаролар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга солиқ юкини камайтириш, шунингдек, миллий соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришни оширишга қаратилган.

Молия компаниялари ушбу чора-тадбирларга 5 миллиард евродан ортиқ маблағ ажратади. Энергетика ва қимор бизнеси эса 700 миллион евродан ҳисса қўшади. Банклар учун корпоратив солиқ ставкаси 27,5 фоиздан 30,5 фоизгача, суғурта компаниялари учун эса 24 фоиздан 27 фоизгача оширилади. Солиқ имтиёзларини қисқартириш орқали ҳам қўшимча даромад олиш кутилмоқда.

Шу билан бирга, бюджет режасида ўртача даромадга эга фуқароларнинг солиқ юкини камайтириш ҳам назарда тутилган. Йиллик даромади 55 минг евродан ошмайдиган шахслар учун даромад солиғи 33 фоизни ташкил этади. Ҳозирда бу чегара 50 минг еврони ташкил қилади. Бош вазир Жоржа Мелонининг таъкидлашича, солиқ тўловчилар учун йиллик тежам тахминан 500 еврогача етиши мумкин.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун 15 фоизлик солиқ солинадиган йиллик даромад чегараси 85 минг евродан 100 минг еврога оширилади.