Исроилнинг Ғазодаги ҳужуми оқибатида БМТ ходими ҳалок бўлди

ASTANA. Kazinform – Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбаси оқибатида БМТ ҳомийлигидаги ташкилот ходими ҳалок бўлди, яна беш киши яраланди. Бу ҳақда Фаластин анклавининг соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.

Фото: Anadolu @aa_arabic

"БМТ ташкилотларида ишловчи олти нафар хорижлик Исроилнинг Ғазо марказида уюштирган ҳаво ҳужуми чоғида жароҳатланди. Улардан бири Шуҳада ал-Ақса касалхонасига етиб келган заҳоти вафот этди", – деб ёзди Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзининг Telegram-каналида. Шифокорлар жароҳатланганларнинг аҳволи оғир эканини айтишди.

Ўз навбатида, Мисрнинг “Ал-Қаҳира Ал-Ихбария” телеканали манбаларга таяниб, ўққа тутилган БМТ ходимлари Ғазо секторини миналардан тозалаш билан шуғулланганини маълум қилди. Ҳодиса анклавнинг марказий қисмидаги Дайр ал-Балаҳ шаҳри ҳудудида содир бўлган.