Испания Миграция вазирлиги маълумотига кўра, аризаларнинг аксарияти мамлакатда бир неча йилдан бери яшаб келаётган, бироқ қонуний мақомга эга бўлмаган хорижий фуқаролардан келиб тушган.
Бундай имконият ўтган йили қабул қилинган миграция ислоҳоти доирасида яратилган. Янги қоидалар мамлакатда доимий яшаб келаётган шахсларга қонуний мақом олиш тартибини соддалаштиришга қаратилган.
Ҳукуматнинг фикрича, мазкур ташаббус меҳнат бозоридаги яширин бандликни камайтириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, қонуний мақом олган мигрантлар солиқ тўлаш ва ижтимоий суғурта тизимида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Испания ҳукумати баҳолашича, янги чора-тадбирлар келгуси уч йил ичида юз минглаб одамларнинг ҳуқуқий мақомини тартибга солиш имконини беради.
Бироқ ушбу ташаббус жамиятда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўнг қанот сиёсий кучлар ислоҳот ноқонуний миграцияни рағбатлантириши мумкин, деб ҳисоблайди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва касаба уюшмалари эса бу қарорни мамлакатда узоқ йиллардан бери яшаб келаётган одамлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.
Испания Европада ноқонуний мигрантларни қонунийлаштириш бўйича энг йирик дастурлардан бирини амалга ошираётган мамлакатлардан бири ҳисобланади.