Экспертларнинг фикрига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши евроҳудуддаги ўртача кўрсаткичдан юқори ва ишсизлик сўнгги йиллардаги энг паст даражага етди. Халқаро валюта жамғармаси Испания иқтисодиётининг барқарорлигини таъкидласа-да, уни сақлаб қолиш учун таркибий ислоҳотлар зарурлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
Бироқ, бу ижобий кўрсаткичлар оддий фуқароларнинг ҳаёт сифатига сезиларли таъсир кўрсатмади. Horizons сўровига кўра, испанларнинг 54,9 фоизи мамлакат ҳозирда 10 йил аввалгига қараганда анча кам фаровон деб ҳисоблайди ва 60,4 фоизи хавфсизлик даражаси ёмонлашганини айтади.
Аҳолини ташвишга соладиган асосий муаммолар яшаш нархи ва уй-жой нархлари ҳисобланади. Респондентларнинг 53,8 фоизи юқори нархларни асосий муаммо деб топди ва 42,9 фоизи уй-жой муаммосини номлади.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, Испания инновация ва гендер тенглиги соҳасида ютуқларга эришган бўлса-да, турмуш даражаси, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва давлат институтларига ишонч нуқтаи назаридан вазият қийинлигича қолмоқда.
Сўровнома шунингдек, жамиятда ишонч инқирозини кўрсатди: респондентларнинг 65 фоизи демократия уларнинг манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилмайди, деб ҳисоблайди ва 67 фоизи жамият аввалгидан кўра кўпроқ парчаланиб кетганини айтади.
Глобал беқарорлик ҳам жамоатчилик кайфиятига таъсир қилмоқда. Испанияликларнинг 81,8 фоизи ҳозирги дунёни беқарор деб ҳисоблайди ва келажакда иқтисодий ва геосиёсий хавфлар кучаяди деб тахмин қилмоқда.
Бундай вазиятда фуқаролар харажатларини камайтиради, қарз олишдан бош тортади ва хавфсизроқ ечимларни афзал кўради.
Эслатиб ўтамиз, Испания ижтимоий тармоқлардаги нафратни аниқлаш тизимини ишга туширди.