Исломободдаги учрашув: Қозоғистон ва Покистон ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятида
ISLAMABAD. Kazinform — Шаҳбаз Шариф Қозоғистон Президентини Исломободда самимий кутиб олди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
“Мамлакатимизга ташриф буюришга вақт ажратганингиз учун Сизга миннатдорчилик билдирамиз. Покистон халқи ва ҳукумати билан бирга Сизни кутиб олишдан мамнунман. Қозоғистон - бизнинг стратегик ҳамкоримиз. Дўстлигимизни мустаҳкамлаш, иқтисодиёт, сиёсат, мудофаа соҳаларида ишончли шерикликни ўрнатиш, шунингдек, савдо йўлакларини шакллантириш учун Қозоғистон ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилишни истаймиз. Бунга шубҳа қилманг”, — деди Бош вазир.
Шаҳбаз Шарифнинг сўзларига кўра, Покистон ва Қозоғистон савдо-иқтисодий ҳамкорликни, жумладан, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва рақамлаштириш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга.
Бош вазир икки томонлама муносабатларнинг барча соҳаларида аниқ ва сезиларли ютуқларга эришиш зарурлигига эътибор қаратди. Музокаралар якунида Қасим-Жомарт Тоқаев ва Шаҳбоз Шариф икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлида кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
Эслатиб ўтамиз, а ввалроқ Қасим-Жомарт Тоқаев ва Шаҳбоз Шариф кичик форматда музокаралар олиб борганликлари ҳақида хабар берган эдик.