Янги хизмат матн тавсифлари асосида тасвирлар яратиш ва тайёр фотосуратларни таҳрирлаш имконини беради. Унинг асосий хусусиятларидан бири янги сунъий интеллект тасвирларини яратишда Instagramдаги оммавий аккаунтларда чоп этилган фотосуратлардан фойдаланишдир.
Хорижий технология нашрларининг маълумотларига кўра, Меtа АI га сўров юборишда фойдаланувчи шунчаки керакли Instagram профилини кўрсатиши керак. Шундан сўнг, сунъий интеллект янги тасвирларни яратиш учун ушбу аккаунтдаги оммавий фотосуратлардан, жумладан, одамларнинг расмларидан фойдаланиши мумкин.
Бундан ташқари, аккаунт эгасига унинг фотосуратлари сунъий интеллект томонидан ишлатилганлиги ҳақида хабар берилмайди. Компания маълумотларига кўра, бундай функцияга эътироз билдирган фойдаланувчилар уни махфийлик созламалари орқали ўчириб қўйишлари мумкин.
Меtа маълумотларига кўра, Muse Image компания қоидаларини бузадиган тасвирларни яратишга тўсқинлик қилувчи ҳимоя механизмлари билан жиҳозланган. Бироқ, янги функция шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва фойдаланувчилар томонидан жойлаштирилган контентдан фойдаланиш билан боғлиқ турли саволларни туғдиради.
Эслатиб ўтамиз, WhatsApp Meta AI билан шахсий суҳбатлар учун "инкогнито режими"ни ишга туширди.