Индонезия соҳилида 6,7 магнитудали зилзила юз берди
ASTANА. Кazinform — Индонезияда ҳар йили 7 мингга яқин зилзила қайд этилади, деб ёзади АZERTAG.
АҚШ Геология хизматига (USGS)кўра, душанба куни Индонезиянинг шарқий қирғоқларида 6,7 магнитудали зилзила содир бўлди. Бироқ мониторинг цунами хавфи йўқлигини кўрсатди. Зилзила эпицентри шарқий Малуку провинциясидаги Туал шаҳридан 177 километр ғарбда, 66 километр чуқурликда жойлашган.
Тинч океанидаги цунамидан эрта огоҳлантириш маркази ҳам цунами хавфи йўқлигини айтди. Индонезия геофизика агентлиги ижтимоий тармоқларда “зилзила цунами хавфини туғдирмайди”, деб ёзди. Ҳозирча моддий зарар ва қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Индонезия — архипелаг давлат, Тинч океанининг “Олов ҳалқаси” деб номланган, сейсмик фаол ҳудудида жойлашган. Бу ҳудуд Япониядан Жануби-Шарқий Осиё орқали Тинч океани соҳилларигача чўзилган литосфера плиталарининг туташган жойидир.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил январь ойида Сулавеси оролида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлиб, 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, минглаб одамлар бошпанасиз қолган эди.
Аввалроқ Японияда бир ярим ҳафта ичида деярли 900 та зилзила содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.