“Келаси йили Америкадаги ҳар бир болага SpaceX акцияларимдан биттадан бераман. Бу кўплаб ташаббусларнинг биринчиси бўлади”, — деб ёзди Илон Маск Х ижтимоий тармоғида.
Маск акцияларни айнан қандай тарзда тақсимлашни режалаштираётганига аниқлик киритмади. Бироқ, New York Post нашри хабар беришича, у Оқ уй томонидан ташкил этилган, болалар учун солиқ имтиёзларига эга бўлган янги инвестиция ҳисобварақлари — «Трамп ҳисобварақлари»га (Trump Accounts) маблағ йўналтиришни режалаштираётган бўлиши мумкин.
Ушбу ҳисобварақлардан фойдаланиш ҳуқуқига фақат 2025 йил январидан 2028 йил охиригача АҚШда туғилган болалар эга бўлади.
Ҳозирда АҚШдаги қарийб 70 миллион нафар бола ушбу дастурда иштирок этяпти. Оқ уй шу ойнинг бошида Молия вазири Скотт Бессент, АҚШ Солиқ бошқармаси бош директори Фрэнк Бизиньяно, шунингдек, Dell Technologies компанияси раҳбарлари ва хайриячилар Майкл ва Сюзан Делл ҳамда Altimeter Capital инвестиция компанияси асосчиси ва бош директори Брэд Герстнер солиқ имтиёзларига эга дастурга «тарихий ҳисса» қўшганини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Илон Маск Сенатда республикачилар ғалаба қозониши учун 158 миллион доллар хайрия қилгани ҳақида хабар берилган эди.