Мюнхендаги Судралиб юрувчиларни қутқариш маркази раҳбари Маркус Баурнинг сўзларига кўра, сўнгги беш йил ичида Баварияда тўрт тасмали илонлар камида 15 марта кузатилган. Илгари бу заҳарли бўлмаган илон асосан Болқон ярим ороли ва Грецияда топилган. Унинг узунлиги 2 метрдан ошади.
Ўрта ер денгизи минтақасида туғилган яна бир заҳарли бўлмаган тур, гадюкасимон сув илони ҳам Баварияда бир неча бор кузатилган.
Рейнланд-Пфальц федерал штатидаги Цвайбрюккен яқинида эса Жанубий Европадан келган сариқ-яшил илон ўн йилдан бери у ерда яшаб келмоқда. Ҳозирда унинг сони бир неча юзтага етди.
— Бу илонларнинг баъзилари иқлим ўзгариши туфайли Германияга табиий равишда кўчиб ўтган бўлиши мумкин. Уларнинг анъанавий яшаш жойлари камайиб бормоқда. Бошқалари эса тасодифан одамлар томонидан олиб келинган. Масалан, Италиядан Мюнхенга машинанинг тагига ёпишиб олган илон қайд этилган, — деди Маркус Баур.
Олимларнинг фикрига кўра, бу илонлар одамлар учун хавфли эмас. Бироқ, улар маҳаллий экотизимга таъсир қилиши мумкин. Масалан, Цвайбрюккен яқинида сариқ-яшил илонларнинг кўпайиши уларнинг асосий озиқ-овқат манбаи бўлган калтакесакларнинг маҳаллий популяциясини сезиларли даражада камайтирди.
Бу илонлар шунингдек, экинларга зарар етказадиган ва турли касалликларни тарқатадиган сичқонлар билан ҳам озиқланади.
Шуни таъкидлаш керакки, Германияда еттита маҳаллий илон тури яшайди ва уларнинг барчаси йўқ бўлиб кетиш хавфи остида. Шунинг учун, уларни ёввойи табиатда учратиш ҳали ҳам кам учрайдиган ҳолат.
Эслатиб ўтамиз, Японияда илон тезюрар поездларни икки соат давомида фалаж қилди.