Хитойда 60 ёшдан ошганлар сони 323,38 миллионга етди

ASTANА. Кazinform — 2025 йил охирига келиб, Хитойда 60 ёшдан ошганлар сони 323,38 миллионга етди, бу мамлакат аҳолисининг 23 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда Kazinformнинг Пекиндаги мухбири China Daily газетасига таяниб хабар берди.

Фото: Синьхуа

Ушбу маълумотлар Хитой Фуқаролик ишлари вазирлиги ва Миллий қариялар қўмитаси томонидан тайёрланган 2025 йилда қарияларни парвариш қилиш тизимини ривожлантириш бўйича миллий ҳисоботда келтирилган.

Ҳужжатга кўра, 2025 йил охирига келиб, 65 ёшдан ошганлар сони 223,65 миллионга етди. Бу мамлакат аҳолисининг 15,9 фоизини ташкил қилади. Шу билан бирга, қарияларга демографик юк коэффициенти 23,1 фоизгача ошди.

Бу рақам шуни англатадики, ҳар 100 нафар меҳнатга лаёқатли фуқарога тахминан 23 нафар қария тўғри келади. Натижада, Хитойнинг ижтимоий таъминот ва пенсия тизимига юк ортиб бормоқда.

Ҳисоботда шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимидаги ютуқлар туфайли Хитойда ўртача умр кўриш давомийлиги 79,25 ёшгача ошганлиги таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, Хитой ҳукумати мамлакат аҳолисининг ўртача умр кўриш давомийлигини 80 ёшгача оширишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди.