Хитой «Шэньчжоу-24» космик миссияси доирасида 90 та илмий тажриба ўтказади

ASTANA. Kazinform — Хитой «Шэньчжоу-24» бошқариладиган космик миссияси давомида 90 та илмий тажриба ва технологик синов ўтказишни режалаштирмоқда. Хитойнинг орбитал станциясига илк хорижий космонавтни олиб борадиган космик кема 25 ноябрда учирилади. Бу ҳақда Синьхуа агентлиги хабар берди.

Photo credit: Xinhua

Хитойнинг бошқариладиган космик парвозлар дастури бошқармаси (CMSA) маълумотларига кўра, тадқиқотлар бир нечта йўналишни қамраб олади. Улар қаторига космик биология, материалшунослик, суюқликлар физикаси, микрогравитация шароитида ёниш жараёнлари, фундаментал физика, космик тиббиёт ва янги космик технологиялар киради.

Бу ҳақда CMSA расмий вакили Чжан Цзинбо матбуот анжуманида маълум қилди.

Шунингдек, Хитой «Тяньгун» орбитал станциясига йўл оладиган «Шэньчжоу-24» бошқариладиган космик кемаси экипажи таркибини эълон қилди.

Экипаж таркибига хитойлик космонавтлар Тан Хунбо ва У И, шунингдек, Покистон вакили Муҳаммад Зишан Али киритилган.

Экипаж командири этиб Тан Хунбо тайинланди. У аввалроқ «Шэньчжоу-12» ва «Шэньчжоу-17» миссияларида иштирок этган. Ушбу парвоздан сўнг у Хитойнинг «Тяньгун» орбитал станциясига уч марта борган биринчи космонавтга айланади.

Хитой космонавтларининг учинчи гуруҳи вакили У И учун эса бу илк космик сафар бўлади.

Муҳаммад Зишан Али эса Хитойнинг орбитал станциясига борган биринчи хорижий космонавтга айланади.

Экипаж аъзолари космик кема бортида тегишли равишда учувчи, борт муҳандиси ва илмий ускуналар учун масъул мутахассис вазифаларини бажаради.

«Шэньчжоу-24» космик кемасини 25 ноябрда Пекин вақти билан соат 08:18 да (Астана вақти билан 05:18 да) Хитойнинг шимоли-ғарбида жойлашган Цзюцюань космодромидан учириш режалаштирилган.