Бу ҳақда сешанба куни Хитой Халқ Республикаси транспорт вазири ўринбосари Сюй Чэнгуан 15-беш йиллик доирасида мамлакатни транспорт соҳасида қудратли давлатга айлантириш вазифаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 14-беш йиллик даври инвестициялар ҳажми ва қурилиш суръатлари бўйича Хитой тарихидаги рекорд давр бўлган. Транспорт соҳасининг асосий фондларига киритилган инвестициялар ҳажми 18,8 триллион юанни (тахминан 2,8 триллион АҚШ доллари) ташкил этди. Миллий транспорт тармоғининг умумий узунлиги 6 миллион километрдан ошди, унинг асосий таянч тармоқлари тайёрлик даражаси эса 91 фоизга етди.
“Транспорт инфратузилмаси кўлами бўйича Хитой дунё етакчилари қаторида мустаҳкам ўрин эгаллади. Юқори тезликдаги темир йўллар узунлиги 50 минг километрдан, автомобиль йўллари узунлиги эса 199 минг километрдан ошди. Мамлакатда 3061 та йирик порт ва 270 та йирик аэропорт фаолият юритмоқда. Шунингдек, дунёдаги энг йирик курьерлик тармоғи яратилди”, — деди у.
Вазир ўринбосари йўловчи ташиш ҳажми ҳам жадал ўсиб бораётганини таъкидлади. Сўнгги беш йилда юқори тезликдаги темир йўлларда ташилган йўловчилар сони 132 фоизга, фуқаро авиациясидаги йўловчилар оқими эса 84 фоизга ошган.
Шу билан бирга, Хитой денгиз транспорти ва тезкор етказиб бериш хизматлари ҳажми бўйича дунёдаги етакчи ўрнини сақлаб қолмоқда.
Бундан аввал 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги юк ташиш ҳажми 18,7 миллион тоннага етгани, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга ошгани ҳақида хабар берилган эди.