Ҳиндистон Миллий тест агентлиги (NTA) жорий этилган чораларни қўллаб-қувватлаб, улар имтиҳонни фирибгарлик ҳаракатлари ва абитуриентлар ўртасида дезинформация тарқатилишидан ҳимоя қилишга ёрдам беришини маълум қилди, деб хабар беради Hindustan Times. NEET-UG 2026 қайта топшириш имтиҳони 21 июнга белгиланган.
Ҳиндистон Электроника ва ахборот технологиялари вазирлигининг буйруғига мувофиқ, Telegram мессенжерига кириш имконияти имтиҳон ўтказиладиган даврда ва ундан кейин ҳам чекланади. Шунингдек, мамлакатда 30 июнгача хабарларни таҳрирлаш функцияси вақтинча ўчириб қўйилади.
NTA маълумотига кўра, ушбу чекловлар Telegram орқали абитуриентларни алдаган фирибгар гуруҳлар фаолияти сабабли жорий этилган. Улар махсус каналлар орқали пул эвазига имтиҳоннинг «аниқ саволлари» ва қайта топшириш тести материалларидан фойдаланиш имкониятини таклиф қилиб келган.
Ҳокимият органлари айниқса хабарларни таҳрирлаш функциясига эътибор қаратган. Регуляторнинг фикрига кўра, бу имконият имтиҳон материаллари тарқалгани ҳақида сохта далиллар яратиш учун қўлланилиши мумкин: фирибгарлар эски хабарлар мазмунини ўзгартириб, уларнинг дастлабки эълон қилинган вақтини сақлаб қолади.
Вазирлик мазкур чекловлар мессенжернинг барча фойдаланувчиларига таъсир қилишини тан олди.
Telegram эса ўз навбатида бундай қарор Ҳиндистондаги 150 миллион оддий фойдаланувчининг имкониятларини чеклашини, бироқ имтиҳон материалларини тарқатган шахсларга деярли таъсир қилмаслигини билдирди.
“Бу блокировка ҳеч нарсани тўхтатмади. Ахборот тарқатилиши бошқа иловаларга кўчиб ўтди. Биз ушбу масалани ҳал қилиш учун катта ишларни амалга оширдик, гарчи маълумотлар манбаи Telegram бўлмаган бўлса ҳам. Сўнгги бир неча ҳафта ичида биз Ҳиндистонда имтиҳон материалларининг тарқатилиши ва шу билан боғлиқ фирибгарлик схемаларига алоқадор юзлаб каналларни ўчирдик. Шунингдек, «таҳрирланган» белгисини янада аниқроқ қилиб, маълумотларни кейинчалик ўзгартириш орқали амалга ошириладиган фирибгарликларнинг олдини олиш чораларини кучайтирдик”, — деди Telegram асосчиси Павел Дуров.