Ташкилот маълумотларига кўра, болалар сунъий интеллектни катталарга нисбатан уч баравардан ҳам тезроқ ўзлаштирмоқда. Шу билан бирга, бу жараённинг оқибатларини ҳозирча аниқ башорат қилиш қийин.
Болалар орасида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг энг кенг тарқалган йўналишларидан бири таълим ҳисобланади. Қарийб 13 миллион нафар бола СИдан ўқиш ва уй вазифаларини бажаришда фойдаланиб келяпти.
Бундан ташқари, 2 миллиондан ортиқ бола, яъни ҳар ўнинчи бола, ўзини ташвишга солаётган масалалар бўйича маслаҳат олиш учун сунъий интеллектга мурожаат қилишини билдирган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, амалдаги қоидалар ва ҳимоя механизмлари технологиялар жадал ривожланишига мослашишга улгурмаяпти.
ЮНИСЕФнинг фикрича, болалар сунъий интеллектни тартибга солиш етарли эмаслигининг оқибатларига биринчи бўлиб дуч келган ва бу таъсирни бошқаларга қараганда узоқроқ ҳис қилади. Шу билан бирга, улар бундай тизимлар қандай ишлаб чиқилиши, қайси бизнес моделларига асосланиши ва шахсий маълумотлари қандай қўлланилишига таъсир кўрсата олмайди.
Сунъий интеллект болалар учун таълим, ижодкорлик ва дам олиш соҳаларида янги имкониятлар очиши мумкин. Бироқ унинг когнитив ривожланиш, ҳиссий қарамлик ва эҳтимолий хавфларга таъсири ҳақидаги маълумотлар ҳалигина шаклланмоқда. Аслида, бутун бир авлод глобал тажриба шароитида улғаймоқда.
Болаларнинг ўзи ҳам эҳтимолий хавфларни англаб етмоқда. Тадқиқотда иштирок этган ўнта мамлакатда сўровдан ўтганларнинг учдан бири сунъий интеллект фирибгарлик, алдаш ва дезинформация тарқатиш учун ишлатилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Бундан ташқари, ҳар тўртинчи бола унинг суратлари ёки видеолари дипфейк технологиялари ёрдамида ўзгартирилиб, шаҳвоний мазмундаги материаллар тайёрлашда қўлланилишидан қўрқишини айтган.
Сунъий интеллектни бошқариш масалалари бўйича биринчи Глобал мулоқот арафасида ЮНИСЕФ ҳукуматлар, хусусий сектор ва халқаро ҳамкорларни болалар ҳуқуқларини, энг аввало уларнинг хавфсизлиги ва ҳимоя қилиниши ҳуқуқини сунъий интеллектни глобал тартибга солиш тизимининг марказига қўйишга чақирмоқда.
Ташкилот сунъий интеллектнинг болалар ривожланиши ва фаровонлигига таъсирини ўрганишга сармоя киритиш, қонунчилик ва компаниялар жавобгарлиги механизмларини мустаҳкамлаш, сунъий интеллект тизимларининг хавфсизлиги ва шаффофлигини таъминлаш, болалар ҳамда ота-оналарнинг рақамли саводхонлигини ошириш, шунингдек рақамли инфратузилмага кириш имкониятларини кенгайтиришни тавсия этмоқда.