Халқ Кенгаши конституциявий мақомга эга ўзига хос институт бўлишига шубҳам йўқ — Президент

ASTANА. Кazinform — Дунёда янги Конституциянинг қабул қилиниши дунё тарихида жуда кам учрайдиган воқеа дейиш мумкин. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Халқ Кенгашининг биринчи сессиясида айтиб ўтди.

Фото: Ақорда

— Барчангизни мамлакатимизнинг энг юқори маслаҳат институти бўлган Қозоғистон Халқ Кенгашининг биринчи сессиясининг очилиши билан табриклайман! Бугун мамлакатимиз учун жуда муҳим кун, бу чинакам тарихий воқеа, дейиш учун барча асослар бор. Қозоғистон Халқ Кенгаши конституциявий мақомга эга ўзига хос институт бўлишига, давлатимиз сиёсий тизимида алоҳида ўрин эгаллашига шубҳам йўқ. Қозоғистон ҳозирда кенг кўламли ўзгаришлар даврини бошидан кечирмоқда. Жамиятимизнинг барча соҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ, ислоҳотлар ва ўзгаришлар якунланди, деб айтиш мумкин эмас. Бу иш албатта давом этади. Биз ҳокимият тизимини замонавий талабларга мувофиқ модернизация қилиш вазифасини ўз зиммамизга олдик. Мамлакатимизда Халқ Кенгашининг ташкил этилиши бунинг яққол исботидир, — деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев давлат ҳаётидаги бу муҳим жараён роппа-роса бир йил олдин бошланганини айтди.

— Ўтган йили халққа қилган мурожаатимда мен бир палатали Парламентни яратиш ташаббуси билан чиққан эдим. Бу таклиф жамиятимизда қизғин ва кенг муҳокама қилинди. Мамлакат ичида очиқ, самимий мунозаралар бўлиб ўтди. Фуқароларимиз томонидан минглаб таклиф ва фикрлар билдирилди. Шундай қилиб, муҳокама якунида сўнгги 30 йил ичида кўрилмаган чуқур конституциявий ислоҳот амалга оширилди. Бу йил, 15 март куни умуммиллий референдум орқали биз бутун мамлакатимиз учун тараққиёт даврини бошлаб берувчи муқаддас ҳужжат — Конституциямизни қабул қилдик. Бу муҳим тарихий воқеа халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш ва ғайрат уйғотди. Ахир, бугунги каби нотинч ва беқарор дунёда янги Конституциянинг қабул қилиниши дунё тарихида камдан-кам учрайдиган ҳодисадир. Таниқли сиёсатчилар ва экспертлар Қозоғистоннинг бу қадамини чинакам ноёб сиёсий воқеа сифатида бир овоздан баҳолайдилар ва уни жасорат ва ижодкорликнинг ёрқин намоён бўлиши сифатида эътироф этадилар, — деди Президент.

Эслатиб ўтамиз, 23 сентябрь куни Астана шаҳрида бўлиб ўтган Қозоғистон Халқ Кенгашининг ташкилий йиғилишида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев янги маслаҳат органи аъзоларининг алоҳида масъулиятини таъкидлади.