Грузия бош вазирининг ўринбосари, Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Мариам Квривишвили Imedi телеканалига берган интервьюсида Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш бўйича Қозоғистон ва Озарбайжон билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилганини маълум қилди. Уч мамлакат юк оқимини кўпайтириш ва йўлак инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича минтақавий чора-тадбирлар режасини биргаликда ишлаб чиққан.
“Биз ҳамкорларимиз билан доимий алоқада бўлиб, 2029 йилга қадар Ўрта йўлакнинг ўтказиш қувватини 30 миллион тоннага етказиш учун қўшма минтақавий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдик”, – деди Мариам Квривишвили.
Унинг таъкидлашича, Грузия 2029 йилга қадар транспорт соҳасини ривожлантириш учун давлат бюджетидан қарийб 7 миллиард доллар инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Маблағлар портлар, темир йўл, автомобиль ва авиация инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади.
Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу йўналишларни ривожлантириш Грузиянинг Ўрта йўлакдаги ролини мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорлик бўйича қўшма режаларни амалга ошириш имконини беради.
Аввалроқ, октябрь ойида Батуми шаҳрида Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтар Тилеуберди ва Грузия бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Мака Бочоришвили транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда бошқа масалаларни муҳокама қилгани ҳақида хабар берилган эди.